ФИФА президенти Йозеф Блаттер ФИФАдаги коррупция иши бўйича АҚШнинг собиқ прокурори Ричард Калленни ўзига адвокат сифатида ёллади.

ФИФА бош котиби Жером Вальке ҳам ўзига адвокат сифатида АҚШда таниқли бўлган ҳуқуқшунос Барри Беркени ёллаган.

ФИФА тарихидаги йирик можаро 27 майда Цюрихда ташкилотнинг 7 нафар юқори лавозимли амалдорлари коррупцияда гумон қилиниб, қўлга олинганларидан кейин авж олди. Уларга айбловлар қўйиш учун уларнинг АҚШга экстрадиция қилиниши тахмин қилинмоқда. Шу билан бир вақтда Швейцария полицияси 2010, 2018 ва 2022 йиллардаги жаҳон чемпионатлари мезбонларини аниқлаш сайловлари пайтида пул ювганликка алоқадор бўлган бир гуруҳ шахсларга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатган.

Шунингдек, суд қарори билан коррупция ишида айбланаётган Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ)нинг собиқ президенти 86 ёшли Николас Леос (ташкилотга 1986-2013 йиллар бошчилик қилган) ҳам уй қамоғида сақланмоқда. У Интерпол томонидан қидирувга берилган ва АҚШнинг сўрови билан у ерга экстрадиция қилиниши мумкин.