Наманган вилояти Поп туманидаги “Раис Санг” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Илёс Ботиров “Ташаббус – 2015” республика кўрик-танловида “Йилнинг энг яхши фермери” йўналиши бўйича ғолиб деб топилди ва Президент совғаси – “Spark” автомобили билан тақдирланди.

Ўтган йиллар мобайнида ёш фермер хўжалик ерларини кенгайтириш, ҳосилдорликни ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари очиш, ишчилар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида изчил ишлар олиб борди. Ўттиз гектар ер майдони 140 гектарга етиб, кўп тармоқли хўжаликка айланди. Аввал битта “Т-4” русумли ҳайдов тракторига эга фермер лизинг шартномаси орқали иккита ерга ишлов берадиган, битта ем-хашак ўрадиган трактор ва бошқа агротехника воситаларини сотиб олди. Айниқса, “Орион С-630” трактори хўжалик аъзолари меҳнатини енгиллаштирди.

"Лизинг фермер учун жуда кенг имконият экан. Техниканг етарли бўлса, ишинг унумли, демак, ҳосил ҳам шунга яраша салмоқли бўларкан. Буни бизнинг қисқа вақт ичида лизинг тўловларидан қутилиб, бешта қишлоқ хўжалиги техникасига эга бўлганимиз мисолида кўриш мумкин", – дейди Илёс Ботиров. 

2011 йилда хўжалик ғалла майдонларининг ҳар гектаридан 21 центнердан ҳосил олган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 38 центнерга етди, пахта ҳосилдорлиги ҳам 22 центнердан 32 центнерга ошди. Сирдарё соҳилидаги ўрта шўрланган ва тошлоқ ерларда ҳосилдорликни бундай кескин кўтариш осон иш эмас. 

Хўжалик аъзолари жорий йилда 76,6 гектар майдонга чигитнинг янги – “Порлоқ-2” навини экиб, гектаридан 45 центнердан ҳосил кўтариш, режадаги 227 тонна ўрнига 280 тонналик хирмон уйиш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. Эллик гектар майдондаги олтиндай товланаётган буғдойзор 130 тоннадан зиёд сара донни ваъда қилиб турибди. 

Фермер хўжалигида 250 бошга яқин қўй ва эчки парваришланмоқда. 2012 йилда “Агробанк”нинг Поп тумани филиалидан олинган 80 миллион сўмлик кредит маблағи кўмаги билан хориждан 10 бош зотли қорамол келтирилиб, чорва наслчилиги йўлга қўйилди. Бугунги кунда зотли қорамоллар сони 32 бошга етди. Ҳар бир соғин сигирдан кунига 28 литргача сут соғиб олинмоқда. Фермер яна бир йўналиш – сутни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳани амалга оширишни дилига тугди. 2013 йилда ўз жамғармаси ёнига банкнинг 20 миллион сўмлик кредитини қўшиб, кунига 500 литр сутни қайта ишлаш қувватига эга замонавий технология келтириб, кефир, сметана, ряженка, творог, қаймоқ каби сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 2014 йилнинг ўзида 60 тоннага яқин сут қайта ишланиб, эл-юрт дастурхонига етказиб берилгани лойиҳанинг истиқболидан далолат беради. Энди фермер Санг қишлоғи ҳудудида қурилиши тугалланмаган икки қаватли бинони тасарруфига олиб, сутни қайта ишлаш цехини кенгайтиришни мақсад қилган. 

“Раис Санг” фермер хўжалиги қошида ўтган йили ташкил қилинган мебель ишлаб чиқариш корхонасида Италия технологияси асосида тайёрланган шкаф, стол-стул, диван, эшик-ром, мактабгача таълим муассасаларига мўлжалланган мебеллар ҳам бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилмоқда. Корхона иш бошлаган йилнинг ўзидаёқ 40 миллион сўмликка яқин маҳсулот ишлаб чиқарилгани фикримиз далилидир. 

Хўжаликнинг тикувчилик цехида касб-ҳунар коллежини битирган саккиз чевар қиз дастгоҳларни ғизиллатиб, болалар ва аёллар учун кийим-кечак тикмоқда. 

Фермер пиллачилик, асаларичилик, иссиқхона бўйича ҳам фаолият қўрсатади. Ўтган йили фермерликда 2 тонна асал етиштирилган.

Бугунги кунда фермер хўжалигида 60 дан зиёд киши доимий иш билан таъминланган, мавсумий ишчилар ҳисобга олинса, юзга яқин киши ўз меҳнати билан даромад топиб, рўзғор тебратмоқда. 

"Мустақиллик туфайли ер ҳақиқий эгасини топди. Мен том маънода шу озод юртнинг эркин деҳқони-мулкдориман. “Йилнинг энг яхши фермери” деган юксак эътирофга сазовор бўлганим, Президентимиз совринини қўлга киритганим катта ютуқ. Бу фаолиятимизни янада ривожлантириб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида бундан-да кўпроқ, сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди", – дейди фермер.