АҚШда Чарльстон шаҳридаги (Жанубий Каролина штати) черков жамоатининг 9 нафар аъзосини ўлдирган қотил қўлга олинди. У 21 ёшли Дилан Руф исмли йигит бўлиб чиқди.
CNN телеканалининг маълум қилишича, унинг томонидан ўлдирилган одамларнинг бари афроамерикаликлар бўлган.

Руф қўшни Шимолий Каролина штатида қўлга олинган. Айтилишича, ёнида тўппонча бўлишига қарамай, у полицияга қаршилик кўрсатмаган.
Содир этилган қотилликларнинг асосий мотиви ирқий нафрат бўлиши мумкинлиги айтилмоқда, аммо тергов бу борада аниқ маълумотларга эга эмас.
Руф қўлидан ҳалок бўлган руҳонийнинг қариндоши NBC каналига берган интервьюсида йигит жиноят олдидан черковга келиб, бир соатча Библиядан иқтибослар тинглаб ўтирганини, сўнг тўсатдан ўрнидан туриб, қора танли жамоат вакилларини ҳақорат қила кетганини айтган. “Мен бу ишни қилишим керак. Сизлар бизнинг аёлларимизни зўрлаяпсизлар, сизлар мамлакатимизни қўлга олмоқчисиз. Сизлардан қутулиш керак”, – деган уларга қарата Руф.
Чарлстон фожиа муносабати билан АҚШ президенти Барак Обама чиқиш қилди. Ўз чиқишида у, хусусан, америкаликни қурол олиб юриш масаласига бўлган муносабатни ўзгартиришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Дилан Руф 17 июнь куни маҳаллий черковга кириб, афроамерикалик одамларга қарата ўт очган. Натижада воқеа жойида 8 киши ҳалок бўлган. Яна бир кишининг жони шифохонада узилган.