Бокс бўйича ярим ўрта вазн тоифасида (66,7 кг гача) учта версия бўйича жаҳон чемпиони Флойд Мэйвэзер ўзининг боксчилик фаолиятини тугатган 42 ёшли Оскар Де Ла Хойяга реванш жанги ўтказишни таклиф қилди.

“Оскар реванш ўтказишни истаётганини айтибди. Агар бу ҳақиқатда шундай бўлса, унда биз сентябрда жанг ўтказишимиз мумкин”, демоқда 38 ёшли чемпион.

Де Ла Хойя 2009 йилда Мэнни Пакьяога қарши жангда техник мағлубият билан ютқазгандан кейин ўз фаолиятини тугатишга қарор қилганди. Де Ла Хойя фаолиятини тугатгандан кейин бошқа рингга қайтмасликка ваъда берган эди ва барча эътиборини ўзига тегишли промоутерлик компанияси Golden Boy`га қаратган эди. Айни пайтда ушбу компания билан 70 га яқин боксчи шартнома имзолаган, улар иштирокидаги жанглар АҚШнинг энг йирик телеканаллари – Showtime, HBO, NBC ва ESPN`да намойиш этиб борилади.

Боксчилар орасидаги биринчи жанг 2007 йилда Лас-Вегасда бўлиб ўтган. Букмекерлар Оскарнинг имкониятларини жуда паст баҳолаганларига қарамасдан, боксчи кўпчилик учун кутилмаганда муносиб жанг кўрсатиб, Мэйвэзерга фақатгина очколар бўйича имкониятни бой берган эди. Ушбу жанг бокс тарихидаги энг яхши жанглардан бири деб топилиб, жангдан кейин Лос-Анжелесда “Стэйплс Центр” аренаси ёнида Де Ла Хойяга ҳайкал ўрнатилган эди.