Тожикистон махсус қўшинларининг собиқ командири, ИШИД сафига қўшилган полковник Гулмурод Ҳалимов интернетда янги видеолавҳа жойлаштирди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар бермоқда.

Видеолавҳада Ҳалимов ўзининг ақлдан озиб қолганлиги ҳақидаги гапларни инкор қилиб, уни уйга қайтишга ва қонун олдида жавоб беришга чорлаган укасига таҳдид қилган.
“Мен соппа-соғман. Ва ҳайратдаман. Агар телба бўлсам, мени қандай қилиб АҚШга тайёргарлик кўришга юбордингиз, полковник унвонини бериб, уч марта медаллар билан тақдирладингиз? Агар мен телба бўлсам, ички ишларнинг барча полковниклари ҳам телбадир”, – дейди Ҳалимов ўз видеомурожаатида.

“Қасам ичаманки, қуролим фақат кофирларга қарши қўлланади, – давом этади у. – Агар укам менга қарши чиқиб, кофирга айланса, мен шахсан унинг бошини оламан”.
Тожикистон матбуотида бир неча бор полковник телба деб аталган эди. Бундан ташқари, у давлатга хиёнат қилишда айбланиб, Интерполга қидирувга берилди.
31 май куни Гулмурод Ҳалимовнинг укаси, адлия вазирлиги ходими, подполковник Саидмурод Ҳалимов акасига очиқ хат йўллаб, уни қайтиб келишга ва қонунга таслим бўлишга ундаган эди.