19 июн куни эрталаб Новосибирскнинг Толмачево халқаро аэропортининг ички авиалиниялар терминалида ёнғин чиқди, деб Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Новосибирск вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда “ТАСС” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

“Ёнғин ҳақидаги хабар маҳаллий вақт билан 9:41 да келиб тушган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига келгач, бинодан тутун чиқаётганини кўришган”, – деб айтмоқда бошқарманинг матбуот котиби Максим Богатирев.

Ёнғинни ўчиришда 6 ўт ўчирувчи иштирок этди ва иккита ўт ўчириш машинасидан фойдаланилди.

Аэропортнинг ушбу терминалидан 500га яқин одам эвакуация қилинган. Ёнғиндан ҳеч ким жабр кўрмаган. Авиарейслар парвозида тўхташлар бўлмаган, бироқ иккита рейс йўловчиларига юк топширишда узилиш юза келган.

Маълумотларга кўра, ёнғин электр тармоқдаги носозлик туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин.

Толмачево халқаро аэропорти Россияда йўловчилар ташиш бўйича 6-ўринни эгаллайди, бу аэропорт 2014 йилда 3,95 млн дан кўпроқ йўловчига хизмат кўрсатган.