Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар нарх-навосини тушириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун савдо корхоналари учун махсус устамалар жорий қилиниши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг “Фармацевтик фаолиятни ҳамда дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар нархларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси “Қонунчилик таъсирини баҳолаш тизимлари” сайтида эълон қилинди.
Ҳужжат матнига мувофиқ, ҳукумат 2015 йил 1 августидан улгуржи савдо корхоналари учун 10 фоизлик, чакана савдо корхоналари учун 20 фоиз устамалар жорий қилади. Шунингдек, ҳужжатда барча дорихона муассасаларида, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, бўлиши талаб қилинадиган минимал дори воситалари рўйхатини белгилаб беради.