“Бунёдкор” жамоаси матбуот хизмати Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги "қалдирғочлар"нинг жаҳон чемпионати таассуротлари билан қизиқиб, улардан интервьюлар олишди.

Қуйида терма жамоанинг асосий таркибида ўйнаган ёш футболчиларнинг жавоблари билан алоҳида танишиш мумкин.

Достонбек Ҳамдамов (“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси): - Жаҳон чемпионатидан яхши таассуротлар билан қайтдик. Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимдан хурсандман. Албатта, Сенегалга қарши ўйинда майдонга туша олмаганим жуда-жуда аламли бўлди. Бу учрашув биз учун жуда муҳим эди. Учрашувни майдон ташқарисида туриб кузатиш нақадар қийин эканлигини сездим. Сенегалга қарши баҳсда бизга омад етишмади. Шундай бўлсада, терма жамоанинг ўйинларидан кўнглимиз тўлди.

Рустамжон Ашурматов (“Бунёдкор” ҳимоячиси): - Албатта, чемпионатни мухлислар, ота-оналар ва мутахассислар ҳам кўришди. Қолаверса, бутун Осиё ҳам Ўзбекистоннинг ўйинларини кузатиб борди. Чунки, чорак финалда қитъамиз шарафини фақатгина биз ҳимоя қилдик. Лекин бизга Сенегалга қарши учрашувда омад етишмади. Ўйинимиз кўпчиликка маъқул келди, деб ўйлайман. Натижадан эса қониқдик ёки қониқмадик деб айтиш бироз мушкул. Чунки гуруҳдан қийинчилик билан чиқиб, Австрияга қарши баҳсда жамоавий ўйин ҳисобига ғалаба қозондик. Дунёнинг кучли 8та давлати қаторидан ўрин эгалланимиз ҳам яхши натижа.

Миржамол Қосимов (“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси): - Бу мусобақа бир умр ҳаммамизнинг ёдимизда қолади. Чунки гуруҳда қийин беллашувлар ўтказишимизга қарамай, қолган баҳсларда ўзимизни ўнглай олдик. Шахсан ўзим кўрсатган ўйиним борасида гапирадиган бўлсам, футболчи "кўнглим тўлди", деб ўйламаслиги керак. Фақат янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилиш лозим. Натижадан эса қониқиш ҳосил қилдик, деб айта оламан. Албатта, биз ярим финални орзу қилгандик. Олдин ҳам айтганимиздек ўз олдимизга юқори мақсадларни қўямиз. Лекин бу сафар омад етишмади.

Забихилло Ўринбоев (“Бунёдкор” ҳужумчиси): - Бу сафарги чемпионат анча қизиқарли ва курашларга бой ўтди. Жамоа охиригача курашди. Натижа билан барча футбол мухлисларини табриклаймиз. Гондурас билан бўлган ўйинда биз муҳитга кўникиб улгурмасимиздан биринчи мағлубиятни қабул қилишимизга тўғри келди. Сенегалга қарши учрашувда эса бироз толиқиш таъсир қилди, деб ўйлайман. Ўзимнинг ҳаракатларимдан 80 фоизга қониқдим. Жаҳон чемпионати олдидан тўпурарликни мақсад қилган эдим. Лекин баъзи вазиятларда хатоларга йўл қўйганим, натижаларимни пасайтириб юборди. Лекин биз натижадан хурсандмиз.

Акрамжон Комилов (“Бунёдкор” ҳимоячиси): - Жаҳон чемпионатидаги таассуротларимга келсак, жуда қизиқарли мусобақада иштирок этиб қайтдик. Кўрсатган ўйинимдан қониқдим. Яшил майдондаги ҳаракатларим секин-аста юксалиб бормоқда, деб ўйлайман. Гуруҳнинг дастлабки иккита учрашувида мағлубиятга учраб, Фижини йирик ҳисобдаги енгганимиз туфайли “плей-офф”га йўл олдик. Шунда кўпчилик бизни нимчорак финалга лойиқ кўрмаган бўлиши мумкин. Лекин Австрияни енгиб, иштирокимиз муносиб эканлигини кўрсатиб қўйдик. Энг асосийси, Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтиб келдик.

Элдор Шомуродов (“Бунёдкор” ҳужумчиси): - Мусобақадаги минимум вазифани бажардик. Гуруҳдаги қийинчиликларга қарамасдан чорак финалда ўйнаганимиздан хурсандман. Очиғини айтсам, сўнгги тургача гуруҳдан чиқишимизга ишондик. Сенегал билан ўйинга келсак, жисмоний ҳолатимиз рақибни енгиш учун бироз камлик қилди, деб ўйлайман. Умумий қилиб айтадиган бўлсам, жаҳон чемпионатидан кўнглим тўлди. Халқаро тажрибам ошди. Европаликлар билан ўзимизни солиштирадиган бўлсам, улардан устун жиҳатларимиз кўплигини сездим. Жамоавий ўйинимиз уларга қараганда жуда яхши шаклланган.

Отабек Шукуров (“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси): - Аввало, қандай ёш тоифасида бўлмасин, жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир футболчи учун муҳимдир. Мундиалда қатнашганимдан хурсандман. Натижаларимизга келадиган бўлсам, жуда яхши ўйнадик, дея олмайман. Лекин ёмон кўрсаткич ҳам қайд этмадик. Бундан ёмони ҳам бўлиши мумкин эди. Гондурас билан кечган ўйиннинг дастлабки дақиқаларида ўтказиб юборилган гол бизни қийин аҳволга солиб қўйди. Ўша ўйинда асосий мақсад фақат ғалаба эди. Шунинг учун ҳам ўйинни биринчи рақам остида ўтказдик. Тезкор голдан сўнг олдинга ўтдик, шошма-шошарликларга йўл қўйдик. Натижада хатолар юзага келди. Афсуски, ҳаяжонни енгиб, ўзимизга келганимизда ўйин вақти тугаб бўлганди. Шунга қарамасдан кейинги учрашувларни яхши ўтказдик ва чорак финалгача етиб бордик. Сенегал билан ўйинда омад биздан юз ўгирди, деб ўйлайман.