Қозоғистонда тўрт кишининг умрига зомин бўлган йўл-транспорт ҳодисаси сабабчиси Peugeot микроавтобуси ҳайдовчиси 33 ёшли Александр Тихомиров йўл ҳаракати қоидаларининг ашаддий қоидабузари эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда LifeNews канали ҳайдовчи яшайдиган Россиянинг Челябинск вилоятининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекциясига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Россия Давлат автоинспекцияси берган маълумотларга кўра, Тихомиров 2009–2015 йиллар мобайнида 31 марта қонунни бузгани учун жаримага тортилган. У содир этган қоидабузарликлар орасида асосан тезликни ошириш ва йўл ҳаракати пайтида имтиёз бермаслик каби қоидабузарликлар кўпни ташкил қилган, шунингдек у йўловчиларни ўтказиб юборишни ва хавфсизлик камарини тақишни ёқтирмаган.

Йўл-транспорт ҳодисаси Олма-ота-Екатеринбург йўлининг Қозоғистондаги қисмида содир бўлган. Полиция берган дастлабки маълумотларга кўра, 16 йўловчини олиб кетаётган микроавтобус ҳайдовчиси бошқарувни қўлдан чиқарган. Оқибатда автомобиль тўнтарилиб кетиб, 4 нафар йўловчининг ҳалок бўлишига ва 13 кишининг турли жароҳатлар билан шифохонага етказилишига сабаб бўлган. Ҳайдовчининг ўзи ҳам жароҳатланган.