Ўзбекистон Марказий банкида Standard & Poor’s халқаро рейтинг агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон тижорат банкларига халқаро рейтинг бериш ва уларни тасдиқлаш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистонда банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар охирги 5 йил ичида банкларнинг умумий капиталини 2 марта ўсишини таъминлашга имкон бергани, шу билан бирга охирги йил ичида ўсиш 25 фоизни ташкил қилгани айтилди. Банк тизими капитали етарлилиги даражаси деярли 24 фоизни, яъни халқаро стандартлардан (8 фоиз) деярли 3 марта кўпроқни ташкил қилди.

Анжуманда банк тизимидаги босқичма-босқич амалга оширилган ислоҳотлар ва Марказий банк томонидан амалга оширилаётган самарали банк назорати, жумладан активлар сифатининг доимий мониторинги, кредит портфели диверсификацияси, капитал етарлилиги ва ликвидлиги кўрсаткичлари Ўзбекистон тижорт банкларининг барқарор фаолият юритишига зарур шароитларни яратаётгани қайд этилди.

Марказий банк томонидан мунтазам равишда ва ўз вақтида Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Банк назорати бўйича Базель қўмитаси тавсияларига мувофиқ ҳолда илғор хорижий таржрибалар асосида банк назорати такомиллаштириб борилаётгани айтиб ўтилди.