17 июнь куни Самарқанд шаҳридаги катта ресторанлардан бирида куёв иштирокисиз тўй базми ўтказилган. Бу ҳақда блогер Тошпўлат Раҳматуллаев ўз блогида ёзди.

"Мен кеча бир тўйда меҳмон бўлдим. Лекин бу базмда куёв иштирок этмади. Саҳнадаги столда келин ўз дугонаси билан ўтирди. Маросим Самарқанд шаҳрининг энг қимматбаҳо ресторанларидан бирида бўлиб ўтди ва тўйга 500 нафардан ортиқ меҳмон келганди.

Билишимча, куёв бу вақтда Жанубий Кореяда хизмат сафари билан кетган. Бир неча кундан кейин унинг олдига ёш келинчакни юборишар экан.

Охирги вақтларда Самарқандда куёвсиз ёки келин ҳам, куёв ҳам иштирок этмаган тўйлар одатий ҳолга айланиб бормоқда ва бунга ҳеч ким ҳайратланмай қўйган.

Бир неча йил олдин ҳам қўшни маҳаллада куёвсиз тўй бўлиб ўтганди. Келин бир неча йил давомида куёвини кутиб яшади. Бу вақт давомида у куёвнинг ота-онасига оддий чўридек хизмат қилган.

Охир-оқибатда келиннинг онаси бу никоҳни бузиб, қизини олиб кетган. Қолаверса, бу вақтга келиб куёв бўлмиш Жанубий Кореяда бошқа хотин билан яшаётгани маълум бўлди. Ўзбекистондаги ёш келинчак эса иккинчи марта турмушга чиқди. Бу сафар виртуал эмас, ҳақиқийсига. Айни вақтда у янги оиласи ва фарзандлари билан бахтли яшамоқда", деб ёзади блогер.