Тошкентда 21 июнда Халқаро йога куни нишонланади. Бутун дунёда Халқаро йога кунини нишонлаш доирасида Ҳиндистоннинг Тошкентда элчихонаси ва Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази БМТнинг Тошкентдаги Ахборот идораси билан ҳамкорликда Тошкентдаги “Бунёдкор” ўйингоҳида кенг жамоатчиликка йога чиқишларини намойиш қилади.

Ушбу тадбирда бепул рўйхатдан ўтиш орқали барча истаганлар иштирок этиши мумкин. Тадбирда ўзбек эстрадаси юлдузлари Шаҳло Ахмедова ва Лола Йўлдошева иштирок этиши кутилмоқда.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, иштирокчилар ўзлари билан машғулотлар учун гиламча олиб келишлари керак бўлади.

БМТ Бош ассамблеясининг 69-сессиясида 21 июнни Халқаро йога куни деб эълон қилиш ҳақида резолюция қабул қилинган эди. “Бутунжаҳон саломатлиги ва хорижий сиёсат” дастури доирасида қабул қилинган бу резолюция билан БМТ Бош ассамблеяси йога ўзидан “саломатлик ва фаровонлик масалаларига бутун бир ёндашувни намоён қилишини” ва йога билан шуғулланишнинг фойдасини кенг миқёсда тарғибот қилиш дунё аҳли саломатлигига кўмак беришини тан олди.