Тошкентда йўловчи ташувчи жамоат транспортлари учун тўлов шакли автоматлаштирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда review.uz нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, 2015 йилнинг 11 июнь куни франциялик ишчи гуруҳининг Ўзбекистонда ташрифи доирасида ташкил этилган ўзбек-француз бизнес-форумида «Тошшаҳартрансхизмат» АК вакили компаниянинг яқин орада мўлжалланган истиқболли лойиҳалари тақдимотида бу тизим ҳам кўрсатиб ўтилган.

Йўл ҳақининг автоматлаштирилган тизими (ЙҲАТ) автобусларда йўловчилар билан юзага келадиган турли муаммолар, йўл ҳақини тўлашдан бош тортиш, сохта ойлик йўл чипталаридан фойдаланишни олдини олишга ёрдам беради.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 9 октябрдаги «Тошкент шаҳрида йўловчи ташувчи транспортларини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2048-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.