Тошкентда Халқаро Олимпия кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистонга ташриф буюрган Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ва Миллий Олимпия қўмиталари уюшмаси ва Осиё Олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳ иштирок этди

Ушбу кунни нишонлаш доирасида Томас Бах ва Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳ Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг янги биносига ташриф буюришди. Меҳмонлар бу бинода жойлашган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида яратилган шароитлар билан танишишга алоҳида аҳамият бердилар. Марказ 500дан кўпроқ номдаги махсус юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган, улардан баъзилар нафақат юртимизга, балки бутун Марказий Осиёга ҳам биринчи марта олиб келинган.

Марказнинг хорижда амалиёт ўтаган юқори малакали мутахассислари спорт федерацияларига спротчиларни йирик халқаро мусобақаларга тайёрлашда ёрдам кўрсатадилар. Марказда юқори аниқлик билан спортчининг нафақат қобилиятлари ва салоҳиятини аниқлаш мумкин, балки унга очилишга ҳамда жароҳатлар олганда етакчи спорт тиббиёти муассасалари даражасида кўмак кўрсатиш имкони яратилган.

Юқори мартабали меҳмонлар пойтахтимизда бунёд этилган бошқа спорт иншоотлари билан ҳам танишишди. Улар Бадиий гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига ташриф буюришди ҳамда бу мактаб жойлашган “Ўзбекистон” спорт мажмуаси билан танишиб чиқишди, Осиё бўйича ўсмирлар орасида Осиё чемпионатининг ёпилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросимида иштирок этдилар. Тантанали тадбирлар иштирокчилари шунингдек Ўзбекистондаги энг замонавий “Бунёдкор” ўйингоҳига ташриф буюришди.

Марказий тадбирлар Олимпия шон-шуҳрати музейида бўлиб ўтди, бу ерда Тошкентдаги Халқаро Олимпия куни очилди. Шу муносабат билан ХОҚ президенти Томас Бах ўзининг табрик мактубини ўқиб эшиттирди. Сўнгра Олимпия спорт турлари: енгил атлетика, гимнастика, қиличбозлик, якка курашлар миллий федерацияларининг ёш спортчилари иштирокида намунали чиқишлар намойиш қилинди.