Фарғона вилоятида 2014 йилда хитойлик ҳамкорлар билан иш бошлаган “SUN FA” қўшма корхонасида икки ва уч ғилдиракли, 1 тоннадан 2,5 тоннагача юк кўтара оладиган “Ҳамкор” русумли мотоциклларни йиғиш йўлга қўйилган эди. Ўтган даврда корхона 250 дан ортиқ мотоциклни харидорларга етказиб берди. Қўшма корхонада яратилган йигирмадан зиёд иш ўрнида, асосан, ёшлар ишламоқда. 

– Корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида бир нечта истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган, – дейди “SUN FA” қўшма корхонаси директори Наврўз Расулов. – Қишлоқ хўжалигида зарур бўладиган ихчам тракторлар, кичик ишлаб чиқариш технологияларини ўзимизда ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи бизнес-лойиҳа ана шулардан биридир. Мазкур лойиҳа амалиётга жорий этилса, олтмишдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.