Россиянинг Волгоград вилоятида фаолият юритган “Ўзбек диаспораси” жамоат ташкилотининг бир нечта аъзоси судланди.
Маҳаллий матбуотда асли сурхондарёлик Россия фуқароси бошчилигидаги “Ўзбек ватандошлари иттифоқи” ташкилоти жиноий фаолият билан шуғуллангани иддао қилинмоқда. Ташкилот президенти ўринбосари, асли хоразмлик Дилбар Жуманиёзова айни пайтда “Ўзбек диаспораси” ташкилотининг ҳам фаоли ҳисобланган. “Ўзбек диаспораси”га асли тожикистонлик, 1949 йили туғилган Ҳолматжон Комилов бошчилик қилган.
Тахмин қилинишича, ташкилотнинг Дилбар Жуманиёзова бошчилигидаги бир гуруҳ хоразмлик ва бухоролик фаоллари маҳаллий “авторитет” Евгений Молодцовский раҳбарлик қилаётган “Молодцовские” жиноий тўдаси билан шерикликда ҳайдовчилардан, савдогарлардан бож ундириш, талончилик сингари жиноятлар билан шуғулланиб келган.
“Бу шахслар “Ўзбек диаспораси” ташкилоти ниқоби остида ҳаракат қилиб, ватандошларига ёрдам бериш ўрнига, улардан турли йўллар билан ўлпон ундириш билан банд бўлган”, – дейилади материалда.
Айтилишича, ушбу “жиноий ташкилот” 14 йилдан буён ноқонуний фаолият амалга ошириб келган.