УЕФА Москванинг “Динамо” клубини молиявий фэйр-плей қоидаларини бузганлиги учун бир йилга Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этди.

Москваликларнинг ўрнига бу мусобақада мавсумни 5-ўринда якунлаган Қозоннинг “Рубин” клуби иштирок этади.

“Жарима кўзда тутилмаган. Уч йил мобайнида биз УЕФАга молиявий фэйр-плей қоидаларига қандай риоя қилаётганимиз ҳақида маълумот юбориб турамиз”, деб айтмоқда “Динамо”нинг директорлар кенгаши раиси Василий Титов.

“Динамо” клуби ўтган мавсум якунларига кўра Россия премьер-лигасида 4-ўринни эгаллаган эди.

Аввалроқ “Динамо” мухлислари УЕФАга клубни Европа лигасидаги иштирокдан маҳрум этмасликни сўраб мурожаат қилган эдилар.

Маълумот учун, УЕФА Комиссиясининг клубларни молиявий назорат қилиш арбитраж палатаси 16 июнь куни “Динамо” томонидан молиявий фэйр-плей қоидалари бузилганлиги ҳолатини кўриб чиқди. “Динамо”ликларда клуб бюджетида футболчиларнинг иш ҳақлари улуши хомийлик шартномасидаги миқдордан анча кўпроқни ташкил қилгани аниқланди.