2011 йили йўқ қилинган террорчи Усома бин Ладеннинг ўғли АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, отасининг ўлими ҳақида гувоҳнома беришни сўраган. Бу ҳақда WikiLeaks портали томонидан ошкор этилган навбатдаги махфий ҳужжатда кўрсатилган.
AFP’нинг маълум қилишича, АҚШнинг ар-Риёддаги элчихонасидан йўлланган 70 минг мактубдан бирида бу фактлар кўрсатилган. WikiLeaks вакилининг айтишича, бу хатлар Саудия Арабистони ТИВга тегишли 0.5 млн мактубнинг бир қисми, холос, қолганлари энди ошкор этилади.
АҚШнинг Саудиядаги бош консули Глен Кайзер томонидан имзоланган мактуб 2011 йил 9 сентябрида, бин Ладеннинг ўлимидан 4 ой кейин унинг ўғли Абдулла бин Ладенга йўлланган. Таъкидланишича, Усома бин Ладеннинг ўлими ҳақида гувоҳнома мавжуд бўлмай, ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлганларнинг ҳужжатлари масаласида бундай ҳолат тез-тез кузатиб турилади.
Шу боис Кайзер гувоҳнома ўрнига Абдулла бин Ладенга АҚШ адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳужжатларни юборган. Бу ҳужжатларда биринчи рақамли террорчининг ўлими муносабати билан қидирув ишлари тўхтатилгани айтилган.
“Умид қиламанки, АҚШ маъмуриятининг бу ҳужжатлари сизга ва оилангизга фойдали бўлади”, – дейилади мактубнинг ниҳоясида.