АҚШ Сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси бошлиғи Жон Маккейн НАТО 2008 йилда Украинанинг ташкилотга интеграция қилинишини рад этганини “НАТО томонидан йўл қўйилган хато эди”, деб атади. Бу ҳақда “Европейская правда” нашри хабар бермоқда.

Бу ҳақда Маккейн Словакияда бўлиб ўтаётган хавфсизлик бўйича GLOBSEC анжуманида айтиб ўтди.

“Ўшанда Украинада ички муаммолар бўлганига қарамасдан биз Украинани НАТОга қабул қилишимиз керак эди”, деб айтди сенатор “НАТО Украинани ташкилотнинг барча аъзоларини коллектив тарзда ҳимоя қилишни кафолатлайдиган ташкилот низомидаги 5-моддага асосан ҳимояга олиши керакмиди?” деган саволга жавобан.

Маккейннинг айтишича, бу хатони ҳали ҳам тузатса бўлади.

Аввалроқ Украина президенти Пётр Порошенко Братиславада бўлиб ўтадиган Марказий ва Шарқий Европанинг энг йирик хавфсизлик анжумани GLOBSEC да иштирок этмаслиги маълум бўлган эди. Қайд этилишича, Украина президентининг исми 19 июнда кечки пайт анжуман иштирокчилари рўйхатидан ғойиб бўлган.