Россия президенти Владимир Путин ўзининг собиқ рафиқаси Людмила Путина ва қизлари Мария ва Екатерина билан яхши муносабатда эканлигини маълум қилди. Путин бу ҳақда Петербург Халқаро иқтисодий анжуманида хорижий ахборот агентликлари журналистлари билан суҳбати чоғида айтиб ўтди.

Путиннинг айтишича, баъзида у тунги соат 2 гача ўзининг оиласи билан турли маиший мавзуларда суҳбатлашиб қолиб кетади.

Путин шахсий ҳаёти ҳақидаги саволга “Келажакка режалар бор, мен билан ҳаммаси жойида”, деб учрашувга йиғилганларда табассум уйғотди.

Маълумот учун, Владимир Путин ва Людмила Путина 2013 йил июнида ажрашишларини эълон қилишган. “Биз доимо бир-биримизга яқин одамлар бўлиб қоламиз. Мен Владимир Владимировичга мени қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорман”, деб айтган эди ўшанда Людмила Путина. Владимир Путин ажрашиш ҳақидаги қарорга ҳамма ҳам юқори даражадаги сиёсатчининг рафиқаси бўлишнинг бундай юқори ошкоралик даражасига тайёр эмасликлари билан тушунтирган эди.