20 июнь куни Туркманистоннинг Ахал вилоятидаги Оқбуғдой атрофида (туманида) жойлашган Боғобод қишлоғида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, тарқатиш ва ноқонуний сотишга қарши кураш халқаро куни муносабати билан махсус тезкор тадбирлар давомида топилган ва мусодара қилинган гиёҳванд моддаларни ёқиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркманистон ҳукуматининг сайти орқали ахборот берилди.
Тадбир ҳукумат қошидаги гиёҳвандликка қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия ҳамда соғлом жамиятни ҳимоя қилиш давлат хизмати томонидан ташкил этилди. Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида 200 кг гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди.
Акция бошланишидан олдин иштирокчиларга целлофан пакетларга солинган гиёҳванд моддалар намойиш этилди. Истаган одамга ўз қўли билан ушбу моддалар пакетини махсус ўчоққа жойлаштириш имкони берилди. Сўнг ўчоққа олов ёқилди.
Ёқиш жараёнини ҳуқуқ-тартибот структураларининг экспертлари назорат қилиб борди.