“Аэрофлот - российские авиалинии” авиакомпанияси компаниянинг собиқ директор ўринбосари Борис Березовскийнинг меросхўрларидан 110 млн доллар ундирмоқчи, деб хабар бермоқда “Аэрофлот” директори Виталий Савельев.

“Аэрофлот” 10 йил давомида, Березовский ҳали ҳаёт бўлганда у билан судлашиб келган. Компания турли сабабларга кўра Березовский “Аэрофлот”дан олиб чиқиб кетган пулларни қайтара олмаётган эди. Биз бир неча йил аввал ушбу масала бўйича даъво аризаси билан чиққан эдик. Бунда Россия Бош прокуратурасининг ҳиссаси катта бўлди. Биз ўшанда ҳали ҳаёт бўлган Борис Березовскийдан 57 млн доллар ундирган эдик”, деб айтди Савельвев 22 июнда компания акционерлари билан ўтказилган йиғилишди.

Савельевнинг айтишича, Березовскийнинг ўлимидан кейин Россия Бош прокуратураси Березовскийнинг 110 млн доллар атрофидаги активларини ҳибсга олган.

“Березовскийнинг ўлими сабабли бу масала унга тегишли мероснинг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ равишда чўзилиб кетган эди. Биз камида 110 млн доллар ундиришимиз керак, шунинг учун бу меросга эгалик қилишни бошлайдиган мулкдорларни кутмоқдамиз ва шундан кейин жараённи яна давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтди Савельев.

Айни пайтда Россия суд нозирлари федерал хизматининг алоҳида муҳим ижро ишлаб чиқариши бўйича махсус бошқармаси марҳум Березовский ва у билан бирга бўлган қарздор жисмоний шахсларша нисбатан 3,2 млрд рубль ундириш бўйича йиғма иш олиб бормоқда. Ижро ҳужжатлари бўйича бу пулларга “Аэрофлот” компанияси ва Самара вилояти ҳокимияти эгалик қилишга даъвогарлик қилмоқда.