Марказий Осиё давлатлари турли йирик геосиёсий кучлар манфаатлари мавжуд стратегик ҳудуддаги мамлакатлар сифатида қаралмоқда, деб ёзмоқда «Ҳуррият» газетаси.

Газетада эълон қилинган Адлия вазирлиги бошқарма бошлиги Худоёр Мелиевнинг «Гибрид урушлар: унда ноҳукумат ташкилотларининг иштироки» мақоласида ёзилишича, айниқса бу минтақадаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар (ННТ) ва ОАВни ўз томонига оғдиришга уринишлар кўп бўлган ва ҳозиргача тўхтагани йўқ.

Унинг ёзишича, Ўзбекистон мустақиллика эришган дастлабки йилларда бир қатор халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг ваколатхоналари очилган. Бундай кучлар турли ғаразли мақсадларда молиялаштириб турилган. 2003-2005 йилда соҳага оид қонунларнинг такомиллаштирилиши натижасида бундай ННТлар фаолиятига чек қўйилган.

Мелиевнинг қайд этишича, «Йирик давлатлар зга мамлакатларга геосиёсий таъсирини ўтказишда ННТлардан фойдаланиш давом этади».

«Келгусида геосиёсий муҳим ҳудудда жойлашган мамлакатлар ўз мустақиллигини сақлаб қолиши учун шубҳасиз турли кучлар томонидан турли даражада ташкил этилиши мумкин бўлган гибрид урушга қарши тура олиши лозим. Бунинг учун ўз ҳудудидаги миллий манфаатларга зид тарзда хорижий кучлар учун ишлайдиган барча юридик ва жисмоний шахсларни («бешинчи колонна»ни) билиш, улар фаолиятига йўл қўймаслик бўйича пухта ҳуқуқий асослар ва тизим шакллантирилиши ва ишлаши лозим», деб ёзилади мақолада.