АҚШ ОАВлари мамлакат махсус хизматлари оддий одамларнинг шахсий ҳаётларига “ақлли” маҳсулотлар воситасида тажоввуз қилаётганларидан хавотирланмоқда.

Инсон овозини таний оладиган ва ёза оладиган қурилмалар ишлаб чиқарилишининг ўсиши билан махсус хизматларда бу қурилмалардан фойдаланаётган фуқароларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш имконияти пайдо бўлди.

Газетадаги мақолада журналист фуқароларнинг шахсий ҳаётига “ақлли” қурилмалар ёрдамида тажоввуз қилиш хавфининг ортиб бораётгани ва оддий Барби қўғирчоғи ўртасидаги боғлиқликни кўрсатди.

Ушбу оммалашган қўғирчоқнинг охирги версияси Hello Barbie номини олди. Бу модель унда микрофон, овоз карнайлари ўрнатилгани боис боланинг саволларига жавоб бера олади ҳамда Wi-Fi орқали интернетга улана олиш имкониятига эга. Бола қўғирчоққа савол беради, қўғирчоқ овозни матн кўринишига келтириб, интернет орқали тегишли жавобни топиб, болага ҳавола этади. Журналист ёзилган маълумотлар дарров ўчирилиб юборилишига шубҳа билан қарамоқда ва олинган маълумотларнинг муайян базага узатилиши имкониятини истисно этмаяпти.

Business Insider нашрининг таъкидлашича, шу тариқа смарт-маҳсулотлар фойдаланувчилари ўзлари истамаган ҳолда "айғоқчилик жабрдийдаси”га айланишмоқда.