Франциянинг Ле-Бурже шаҳрида бўлиб ўтган 51-Халқаро аэрокосмик салонда ташриф бўйича рекорд ўрнатилди. Кўргазма ташкилий қўмитаси Эмерик д'Арсимолнинг айтишича, жорий йилдаги Ле-Буржега 351 минг киши ташриф буюрди. Бу кўрсаткич аввалги натижадан 11 фоиз кўпроқни ташкил қилди.

Ле-Бурже авиасалони 15-21 июнь кунлари бўлиб ўтди. Унинг ишида авиация соҳасининг 151 мингдан кўпроқ вакили иштирок этди. Париж яқинидаги бу тарихий аэродромга кўргазманинг охирги 3 куни кенг омма учун очиқ бўлганда яна 200 минг киши ташриф буюрди.

Умумий ҳисобда Ле-Буржеда тайёр самолётларни етказиб бериш бўйича 934та, авиацион двигателларни етказиб бериш бўйича 835та, вертолётлар бўйича 142та шартнома имзоланди. Жаҳон авиасозлиги етакчилари – Airbus ва Boeing компаниялари умумий ҳисобда 100 млрд доллардан кўпроқ қийматга эга битим тузишди.

Хусусан, Boeing ҳисобига умумий қиймати 18,6 млрд долларлик 145та қатъий буюртма ҳамда яна 57 млрд долларга 421та самолёт сотиб олиш истаги бўйича келишув тўғри келди. Airbus ҳисобига умумий қиймати 16,3 млрд долларлик 124та қатъий буюртма ҳамда яна 50,2 млрд долларга 331та самолёт сотиб олиш истаги бўйича келишув тўғри келди.

Таққослаш учун, 2013 йили бўлиб ўтган аввалги кўргазмага 315 минг киши ташриф буюрган, шартномаларнинг умумий қиймати 150 млрд долларгача етган эди.

Ле-Буржедаги Халқаро аэрокосмик кўргазма 1909 йилдан бериб ўтказилиб келинади ва авиация соҳасидаги энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Икки йилда бир марта ўтказиладиган ушбу кўргазмага юз минглаб одам ташриф буюради. Бу йили салонда 50дан ортиқ давлатдан 2260 иштирокчи қатнашди.