20 июнда Қуёшда М1 синфидаги чақнаш қайд этилган эди, яқин кунларда энг юқори Х синфидаги чақнашлар содир бўлиши эҳтимоли борлиги айтилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Академик Федоров номидаги амалий геофизика институти берган хабарда айтилмоқда.

Қуёш чақнашлари рентген нурланишининг кучига қараб бешта синфга бўлинади: A, B, C, M ва X. Минимал синфдаги чақнаш A0.0 бўлиб, Ер орбитасида бир квадрат метр майдонга 10 нановатт нурланиш қувватига тўғри келади. Кейинги ҳарфга ўтилганда нурланиш қуввати 10 маротаба ошади. Кучли чақнашлар муайян шароитларда Ерда магнит бўронлари келтириб чиқариши мумкин.

Олимлар ҳозирда Қуёш гардишида кузатилаётган доғлар гуруҳида ўтган суткада 41 дақиқа давом этган битта М1.0 синфидаги ҳамда иккита С типидаги чақнаш қайд қилинганини айтишмоқда.

Прогнозларга кўра, 22 июнда чақнаш фаоллиги ўртамиёна, бироқ Х синфдаги, жумладан протон чақнашлари бўлиши эҳтимоли мавжуд.