Олма-ота Ички ишлар департаменти интернетда куни-кеча пайдо бўлган мудҳиш видеого изоҳ бериб ўтди

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс бошқа бир эркакни йўл четида бўғаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Ушбу видеони Facebook ижтимоий тармоғига Куаниш Егимбаев исмли фойдаланувчи жойлаштирган. “Мана тармоқда қандай видео юрибди. Куппа-кундузи бир одам ўлдирилмоқда ва ҳеч ким пинагини ҳам бузмаяпти. Кўринишидан бу Олма-отада, Райимбек кўчасида содир бўлмоқда”, деб ёзди фойдаланувчи бу видеога изоҳ бериб.

Видеода номаълум эркак йўл четида турган машина ёнида бошқа бир эркакни бўғизлаб, унинг бошини машинага бир неча марта ургани ва шундан кейин жабрланувчи ерга йиқилгани акс этган. Ушбу ҳолатни видеога олган қизлар (видеода уларнинг овози эшитилиб турибди) жабрланувчи ўлган деб тахмин қилишган. Видеода ён-атрофдан ўтиб кетаётган ҳайдовчилар, йўловчилар бу воқеанинг гувоҳи бўла туриб, эътибор бермаётганларини кўриш мумкин.

Ушбу ҳолат юзасидан кечиктириб бўлмайдиган текширув ишлари ташкил этилиб, видеода акс этган иккала машина ҳайдовчиларининг шахси аниқланди.

Полицияда таъкидланишича, полициячилар видеокузатув камералари ёрдамида бу машиналарнинг ҳаракатланиш йўналишини ўрнатиб, содир бўлган воқеадан бироз аввалроқ машиналар ҳайдовчилари ўртасида йўлда низо чиққани ҳамда машиналар Райимбек кўчасида тўхтаганларидан кейин ҳайдовчилардан бири бошқасига тан жароҳатлари етказаётганини аниқлашга муваффақ бўлишган. Сўнгра зўравон ва унинг шериги ўз машиналарига ўтириб воқеа жойидан кетишган.

“Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан полицияга ҳеч ким мурожаат қилмади. Бундан ташқари, ҳеч ким бу ҳақда “102” пультига ҳам хабар бермаган. Айни пайтда Олма-ота Алатау тумани ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан воқеанинг аниқ тафсилотларини ўрнатиш бўйича тегишли тадбирлар ўтказилмоқда. Тергов томонидан зўравонлик қилган шахснинг хатти-ҳаракатларига тегишлича баҳо берилади”, дейилмоқда полицияда.

Жабрланувчининг аҳволи номаълумлигича қолмоқда. У шифохонада бўлиши мумкинлиги айтилган.