Хитойнинг мобил телефонлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Oukitel компанияси яқин вақтларда 10000 мА/с сиғимига эга батарейкали телефон ишлаб чиқармоқчи. Бу ҳақда PhoneArena нашри хабар тарқатди.

Ҳозирча унинг Android 5.1 Lollipop, опрацион тизимида ишлаши маълум қилинган. Бироқ бошқа техник имкониятлари борасидаги маълумотлар сирлигича қолмоқда.

PhoneArena ходимлари Oukitel компаниясига мазкур рекорд даражадаги аккумляторга эга бўлиши кутилаётган смартфон оғирлиги ва ҳажми қандай бўлишини сўраб мурожаат қилишганида, қурилманинг прототипи расмини жўнатишган.

Ҳозирги кунга қадар жаҳон смартфон бозорида 4000 мА/с бўлган телефон энг юқори қувватли телефон сифатида ном қозониб келганди. Асосан Хитойнинг бошқа бир компанияси Lenovo томонидан чиқарилаётган бундай қувватли телефонлар 2 кун давомида қувватланмасдан ишлатиш имконияти борлиги ҳақида гапириб келинган.
Oukitel эса энг қувватли смартфондан 2,5 баравар кўпроқ қувватли аккумляторни оммага тақдим этишга шай.

Дунё смартфон бозорининг энг машҳур қурилмалари Samsung Galaxy S6 (2550 мАс), Apple iPhone 6 – (1810 мАс) ва Sony Xperia Z3 (3100 мАс) аккумляторлари билан солиштирганда бу жуда юқори кўрсаткичдир.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Oukitel компанияси ўз расмий сайтида яқин 3-5 йил ичида дунёнинг энг йирик смартфон ишлаб чиқарувчилар учлигига киришни режалаштирган. Ҳозирги кунга қадар компания уч турдаги смартфонларни оммага тақдим этиган.