Испаниянинг Севилья шаҳрида жойлашган Airbus Defence and Space (ADS) корхонасида споттерлар томонидан Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучлари белгиларига эга Airbus C295W ҳарбий-транспорт самолётлари қайд қилинди.
Самолётнинг борт рақами “01 оқ”, серия рақами – 137.
С295W С295М ҳарбий-транспорт самолётининг охирги модификацияси ҳисобланади. У 2013 йили биринчи марта тақдим этилган.
Ўзбекистон бу борада шартнома имзолагани ҳақидаги ахборот матбуотда эълон қилинмаган эди. Йил бошида ADS 8та самолётга буюртма олганини маълум қилган эди. Орадан бироз вақт ўтиб, бу самолётларнинг 4таси Саудия Арабистони ички ишлар вазирлиги томонидан буюртма қилингани аниқланди. 17 июнь куни интернетга чиққан расмлар асосида қолган самолётларнинг буюртмачиси Ўзбекистон эканлиги айтилмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида бундай русумдаги самолётни сотиб олган иккинчи давлат (Қозоғистондан кейин) бўлади.