Қозоғистон айрим масалалар сабабли Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой транзит йўлининг очилиш муддатини ортга сурди. Бу ҳақда мамлакат Инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги автомобил йўллари қўмитаси Раиси Мереке Пшембаев маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

«2015 йил охиригача Чимкент-Тараз йўли очилиши режалаштирилган. Чимкент-Тошкент ва Алмати-Хоргос транзит йўлларининг тўлиқ очилиши 2016 йилда кўриб чиқилади», дея таъкидлаб ўтди Пшембаев.

Пшембаевнинг сўзларига кўра, муддатнинг кечикишига халқаро молия институти билан давом этаётган масалалар сабаб бўлганини таъкидлади. «Кредит шартномасини ратификация қилиш кечикиб кетди», дейди у.

Шунингдек у Хитой билан ҳал қилиниши зарур бўлган бир қатор келишувлар кўриб чиқилиши зарурлигини ҳам таъкидлади.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойи сўнгида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Хитой чегарасидан Россиягача 2700 км. автомобил йўлининг қурилиш ишлари тугатилганини таъкидлаб ўтганди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон иштирокидаги мазкур лойиҳа хусусий тадбиркорлик ривожига ҳисса қўшади, дея гапириб ўтганди Назарбоев.