Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев республиканинг Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида 19 йил давом этган музокараларнинг якунлангани юзасидан халққа мурожаат қилди. Бу ҳақда Новости-Казахстан ахборот агентлиги хабар бермоқда.
“Бугун Женевада ишчи гуруҳнинг охирги йиғилиши бўлиб ўтди, унда Қозоғистоннинг Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасидаги музокараларнинг якунлангани расман эълон қилинди. Бу биз учун тарихий воқеа бўлди. Қозоғистон ташкилотга аъзо бўлган 162-давлат бўлди. Дунёнинг барча йирик иқтисодиётларини Қозоғистонни яхши инвестицион муҳитга эга, савдо сиёсатини халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ олиб борадиган мамлакат деб тан олди”, – дейилади мурожаатда.
Назарбоевнинг фикрича, ташкилотга аъзолик мамлакат олдида янги имкониятлар очиб беради, жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларнинг ички бозорига барча эшиклар очилади.