14 июнь куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида юз берган кучли сув тошқини оқибатида шаҳар ҳайвонот боғида сақланаётган шер, йўлбарс, айиқ, бўри ва сиртлон каби жониворларнинг 50дан ортиғи ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда журналистларга ҳайвонот боғи директори Зураб Гуриеледзе хабар берган.

"Айни вақтда тошқин вайрон қилган ҳудудлар тўлиқ тозаланмаган ва бундай ҳудудлардан яна бир қанча қурбон бўлган жониворларнинг жасади топилиши мумкин. Ҳисобларимизга кўра, яна бир шер ва бир сиртлоннинг тириги ёки ўлиги аниқланмаган. Улар эркинликда юргани тахмин қилинмоқда", дейди Зураб Гуриеледзе.

Унинг қўшимча қилишича, тошқин пайтида яна сон-саноқсиз майда жониворлар ва қушлар ҳалок бўлган. Уларнинг жасадларини хароба ҳудудлардан чиқариб олишнинг имкони бўлмаяпти.

"Биз дунёдаги кўплаб ҳайвонот боғларига ҳайвонот боғимизнинг тикланишида ёрдам кўрсатишларини сўраб, мурожаат қилганмиз. Шунингдек, тирик қолган жониворларни жиддийроқ тарзда парваришлаяпмиз", дейди у.