Ўтган ҳафта бир қатор оммавий ахборот воситаларида Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўлида янги вагон состави фойдаланишга топширилгани ҳамда ушбу йўналишда ўз фаолиятини бошлагани ҳақида ахборот берилди. Ушбу маълумотни текшириш мақсадида Kun.uz таҳририяти Тошкент метрополитени давлат унитар корхонасининг маълумотномаларда кўрсатилган телефонларига мурожаат қилди.
Аммо телефонлар орқали ушбу саволга жавоб бериш ваколатига эга ходимни топишнинг имкони бўлмади, бу борада маълумотга эга бўлган шахслар ҳам жавоб беришни истамади. Ниҳоят, таҳририятга расмий хат йўллаш таклиф қилинди. Юқоридаги савол акс этган расмий хат тегишли манзилга юборилди.
Орадан уч кун ўтиб, янгилик долзарблигини йўқотиб бўлганидан сўнг, Тошкент метрополитени электрон почта орқали расмий хатга жавоб йўллади. Лекин ушбу мактубда керакли саволга жавоб бериш ўрнига қуйидагилар ёзилган эди:

“Тошкент метрополитенининг 6 та вагонида капитал-тиклаш таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, хозирги кунда уларда созлаш ишлари олиб борилмоқда ва яқин давр ичида мунтазам равишда фойдаланишга киритилади”.

Бундай ҳоллар бошқа айрим давлат ташкилотлари ва корхоналарига мурожаат қилинганда ҳам кузатилди. Мулоқот чоғида айрим ходимлар ва ишчиларда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилишдан чўчиш, саволларга жавоб бериш масъулиятдан қочиш, энг оддий ахборотни тақдим этишдан бош тортиш кайфияти борлигига амин бўлдик. Kun.uz таҳририят ушбу масалани ўрганиб чиқиб, матбуот хизматларининг қўлидаги ресурслардан унумлироқ фойдаланиш ва оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда очиқ ва тезкор ахборот тақдим этишни йўлга қўйишга чақиради.