Шукрлар бўлсинким, биз интизорлик билан кутган ойлар султони, муборак Рамазони шариф яна бир бор меҳмон бўлиб келди. Бу кунларга етказганига, сабр бериб, ўзининг тўғри йўлида собит қилганига Аллоҳ таолога беҳисоб шукрларимиз бўлсин.
Бу йил ҳам ўтган йили сингари Рамазон ойи иссиқ мавсумга тўғри келиб турибди. Бу ҳам Яратганнинг бандаларига юборган синови, ҳикматидир. Жаннатмакон Ўзбекистонимизда иқлим у қадар иссиқ келмайди. Бошқа мусулмон ўлкаларига қараганда, диёримизнинг табиати юмшоқ саналади. Аммо ёз ёз-да. Кунлар узун, шу боис чанқаш ва очиқиш аломатлари барибир сезилади.
Аммо Аллоҳ ўз динини ҳар томонлама мукаммал этиб қўйган. Бандаларига бир нарсани амр қилдими, унинг енгил томонларини ҳам кўрсатиб ўтган. Буни пайғамбарлари орқали одамларга етказган. Жумладан, рўзадорликда ҳам, айниқса, ёзнинг узун кунларида қандай қилиб нафсни тўғри жиловлай билишлик ҳақида биз мўминларга суюкли пайғамбари Муҳаммад (с.а.в) орқали таълим бериб ўтган.
Ёзнинг мана шундай узун кунларида рўза тутиб, қандай қилиб чанқамай, очиқмай, ҳолсизланмай юрса бўлади? Истаймизми йўқми, бу ҳолат ҳар биримизда содир бўлади. Буни тўлиқ ёки қисман олдини олиш мумкинми? Қолаверса, сафар билан у-бу жойга боришимиз мумкин, саҳарлик вақтида уйда эмас, йўлда, кўчада бўлиш эҳтимоллари ҳам йўқ эмас. Хўш, шу сабаб Рамазон рўзасини узун кунларда малолланиб тутмаслик учун нима чоралар кўрса бўлади? Бу у қадар мушкул иш эмас. Аввало, қалбдан ихлос ҳамда шунчаки таомланиш одобларига риоя этилса кифоя. Гапимизнинг тасдиғини қуйидаги ҳадислар ҳам тўлалигича тасдиқлаб турибди.

Таом тановул қилишдан олдин икки қўлни ювиш

Исломда таомланишдан олдин икки қўлни ихлос ила ювиш “барака” дейилади.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювишдир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”, дедилар”.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Таом суяниб, ёнбошлаган ҳолда ейилмайди

Бундай вазиятда организмдаги овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти сустлашади ва таом танага тўлиқ ҳазм бўлмайди.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мен суянган ҳолимда емайман”, дедилар”.
Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Таомни керагидан ортиқча емаслик зарур

Бу, аввало, исрофгарчиликка киради. Кейин эса ортиқча таом ланжликни, дангасаликни келтириб чиқаради. Қолаверса, бўкиб овқатланиш саломатлик учун ҳам ўта зарарли ҳамдир.
Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир”, дедилар”.
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Таомни якка-якка емай, жамланиб ейишда барака борлигини унутмаслик зарур

“Устида кўп қўл бўлган овқат Аллоҳ ҳузурида овқатларнинг севимлисидир”, деганлар Пайғамбар алайҳиссалом.

Барака таомнинг ўртасида бўлади

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қачон бирингиз таом еса, товоқнинг уст томонидан емасин. Балки паст томонидан есин. Чунки барака унинг уст томонидан нозил бўлур”, дедилар”.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар ва Термизийнинг лафзида:
“Барака таомнинг ўртасида нозил бўлади. Бас, унинг атрофидан енг, ўртасидан еманг”, дейилган.

Ичимликни уч марта бўлиб-бўлиб, нафас олиб ичилади

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганида уч марта нафас олар эдилар ва “Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва сингувчироқ”, дер эдилар”.
Анас: “Бас, мен ҳам ичимлик ичганда уч марта нафас оламан”, деди”.

Мўмин-мусулмоннинг бошқалардан ажаралиб турувчи ҳислатларидан бири бу унинг чиройли хулқ билан зийнатланишидир. Муқаддас Рамазон ойида аҳлоқимизни янада гўзаллаштирсак, дилимиз билан ҳам, тилимиз билан ҳам, қўлимиз билан ҳам одамларга яхшилик улашсак, ҳар қандай қабиҳликни қалбимиздан чиқариб ташласак, тутаётган рўзамиз мустажоб, ўзимиз саломат, дилларимиз янада ёруғ бўлгай, иншооллоҳ.
XABARDOR.UZ / Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг “Ижтимоий одоблар” китоби асосида Сарвар Анвар ўғли тайёрлади.