Голливуднинг машҳур “Титаник” фильми ва бошқа кўплаб фильмларига куйлар басталаган голливудлик машҳур бастакор Жеймс Хорнер Калифорния штатининг жанубида самолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди.

Аввалроқ Хорнернинг бир моторли шахсий самолёти Санта-Барбара ёнида фалокатга учрагани маълум қилинганди. Самолёт бортида фақат учувчининг ўзи бўлган, бироқ унинг шахсини тасдиқланмаганди. Бастакор адвокати “агар Жеймс самолётда бўлмаганда, у қўнғироқ қилган бўларди” деб самолётда бастакорнинг ўзи бўлганига шаъма қилган.

Хорнернинг ҳалок бўлгани унинг ёрдамчиси Сильвия Патриция томонидан тасдиқланди.

“Биз улкан қалб ва ноёб истеъдод эгаси бўлган ажойиб инсонни йўқотдик. У ўзи яхши кўрган машғулоти устида ҳалок бўлди”, деб ёзди Патриция ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

Хорнер Голливуднинг энг машҳур бастакори деб эътироф этилади. Бастакор иккита “Оскар” мукофотини олган “Титаник” фильмидан ташқари, “Шерюрак”, “Куз афсонаси”, “Жасорат” ва “Тафаккур ўйинлари” каби машҳур фильмларга ҳам куй басталаганди.