Интернетда икки эркак ҳозирда мавжуд бўлган акулалардан энг каттаси бўлган улкан китсимон акула устида сёрфинг учаётгани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Китсимон акула сув юзасига яқин жуда секин ҳаракатланиб, инсонларга умуман ҳеч қандай хавф солмайди. Кўринишидан видеода катерда сайр қилиб юрган эркаклар бундан хабардор бўлишган ва акуланинг устига чиқиб, унинг белида сёрфинг учишга қарор қилишган.

Катердаги бошқа дам олувчилар катердан туриб буни видоега олишган, ҳайқириб, кулиб, ўз ҳамроҳларини қўллаб-қувватлашган.

Видео табиат муҳофазачилари томонидан кескин танқидга учради, улар ушбу шахсларга нисбатан айблов қўйилиши кераклигини айтишмоқда.

“Ушбу видеодан одамзоднинг ёввойи табиатга жирканч муносабатини кўриш мумкин. Улар бундай баҳайбат жонзотни кўриш бахтига муяссар бўлганларидан хурсанд бўлиш ўрнига, шундай аҳмоқларча ҳунар кўрсатишга қарор қилишган”, дейишди табиат муҳофазачилари.

Видео Facebook`да жойлаштирилиб, кейинроқ ўчириб ташланган.