Амстердамда "Аякс" футбол клуби директори М.Кинсберген ва тижорат директори Эдвин ван дер Сар ҳамда Бенилюкс мамлакатларидаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ўзбек миллий футбол клублари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Музокаралар чоғида Ўзбекистон вакиллари амалга оширилаётган чуқур демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтишди. 

Учрашувда Осиё қитъасидаги етакчи жамоалар сафига кирувчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва клублари ўйин сифатини яхшилаш ҳамда мамлакатимизда футболни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Голланд клуби раҳбарияти спортчиларнинг жисмоний тайёргарлигини янада яхшилаш, футболчилар тайёрлаш учун халқаро талабларга мос шарт-шароитларни ва тегишли инфратузилмани ташкил этиш борасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан амалга оширилаётган махсус чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. 

Ўз навбатида "Аякс" вакиллари Голландиянинг футболчилар тайёрлаш тизими Европада энг яхши тизимлардан бири эканини таъкидлашди. Мазкур тизим нафақат кўплаб мамлакатлар томонидан, балки етакчи футбол клублари томонидан ҳам қабул қилинмоқда. 

Улар "Аjax" академияси ва унинг ёшларни танлаб тайёрлаш стратегияси клубнинг асосий устунликларидан бири эканлигини таъкидлашди. Швейцариянинг «CIES» тадқиқот институти маълумотларига кўра, "Аякс" клуби ҳозирда ёш истеъдодларни кашф этиш борасида Европада энг самарали академия эканини айтиб ўтилди. 

Музокаралар якунида томонлар "Аякс" клуби билан ўзбек футбол клублари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш, футбол академиялари ўртасида тажриба алмашиш, "Аякс" нинг машҳур футболчиларини ёшларимизга маҳорат дарслари ўтказиш учун Ўзбекистонга юбориш сингари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олишди.