АҚШ Европада ядровий жанговор зарядларни жойлаштириш ҳақидаги музокараларни қайта бошлаши билан Россия ва Владимир Путинни қўрқитишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзмоқда Die Welt нашри.

Вашингтон Европада бу қурол турининг жойлаштирилиши масаласини кўтариб, Россиянинг ядровий қурол-аслаҳаларни модернизациялаш ҳақидаги эълонига жавоб бермоқда, деб тахмин қилмоқда нашр.

Нашр Германия ҳукумати учун бу мавзудаги баҳс-мунозаранинг ўзи ҳам хавфли эканлигини таъкидламоқда. “Бу Россия билан тўқнашувни камайтиришга қаратилган Ангела Меркелнинг стратегиясига зарба бўлади”, деб ёзади газета.

Нашрнинг ёзишича, Вашингтон ўзининг бу ташаббусини эълон қилишдан олдин, Германия ўз ҳудудидаги Рейнланд-Пфальц ерларида қолган АҚШ ядровий қуролидан батамом холи бўлиш масаласини кўраётган эди. Германияда янги ядровий зардяларнинг жойлаштирилиши “аҳоли ўртасида ихтилофларга” олиб келиши мумкин.

Die Welt бу баҳсли таклифга жавобгарликни шахсан Пентагон раҳбари Эштон Картер зиммасига юкламоқда.

Германиянинг яна бир нашри Der Spiegel Европада ядровий зардяларнинг жойлаштирилиши эҳтимоли бўйича Берлиннинг жиддий хавотирланиши айтилган мақола чоп этди. “Бу ғарб дунёсини беқарорлаштириб, уни парчалаб юбориши мумкин”, деб ёзилмоқда нашрда.