Поп туманида яшовчи аёлнинг ўрта мактабнинг тўққизинчи синфини битираётган ўғлини коллежга киритиб қўйиш мақсадида Аҳрор исмли йигит унинг 400 АҚШ доллари ва 450 минг сўм пулини алдаб олди. Бу ҳақда «Диёнат» газетаси хабар тарқатмоқда.

Поп туманида яшовчи аёл унга ўғлини келгусида ички ишлар идораларига ишга киритиш ниятида эканлигини айтиб, қайси коллежга киритсам бўлади, деб сўради, деб ёзади газета.

Аҳрор исмли шахс унга юридик коллежини маслаҳат берди ва ўша коллежда бир таниши ўқитувчи бўлиб ишлашини, у билан гаплашиб кўришини айтади. Икки кундан сўнг, Аҳрор аёлга қўнғироқ қилиб, “ўғлим ўқишга кирди деб ҳисоблайверинг” деди ва бошланишига 100 доллар сўради. Аёл унга 100 АҚШ долларини тутқазиб юборди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Аҳрор аёлдан яна 200 долларни ундирди. Ҳеч қанча ўтмай яна аёлни қидириб келиб, анови мен гаплашган ўқитувчи Попга келаётган экан, шунга пул керак бўлиб қолди, дея турли важ-корсонларни пеш қилиб, "мижоз"идан яна 100 АҚШ доллари ва 450 минг сўм пул ундиришга муваффақ бўлди.

Шундан сўнг Аҳрорнинг йўқолган: на телефон қўнғироқларига жавоб берган, на кўча-кўйда кўринган. Шундан сўнг аёл бўлиб ўтган воқеа ҳақида Поп тумани ички ишлар бўлимига хабар қилди. Тергов-суриштирув жараёнларида Аҳрор Баҳромовнинг жинояти ўзининг тавбасига таяниб берган иқрорлиги, гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда ашёвий далиллар орқали тўлиқ ўз исботини топди. Ушбу ишни атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди уни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топди ва қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.