Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида битирувчиларга дипломлар топшириш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти, божхона фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, ота-оналар қатнашдилар.

Тадбирда таъкиланганидек, Ўзбекистонда бошқа соҳалар қатори божхона тизими учун профессионал кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилиб келинмоқда. 12 йил муқаддам Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган Олий ҳарбий божхона институтининг ташкил этилган.

Эътироф этиш жоизки, ўтган вақт мобайнида ушбу таълим муассасасида божхона органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, божхона хизматини жаҳон андозалари талаблари даражасига етказиш, божхона органлари фаолиятининг шаклллари ва усулларини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар тайёрлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низамходжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, Давлат божхона қўмитаси Раиси Зоҳид Дўсанов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олийжаноб ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этиши зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

“Божхона иши” ва “Божхона ҳуқуқи” мутахасисликлари бўйича институтда таҳсил олган битирувчилар шарафли ва маъсулиятли хизмат фаолиятига учирма қилинаётган тўққизинчи қалдирғочлар ҳисобланади.

Ўқиш жараёнида битирувчилар Давлат таълим стандартлари асосида тасдиқланган ўқув режаларига мувофиқ иқтисодий, ҳуқуқий, гуманитар ва фундаментал фанлар ҳамда божхона назоратини ташкил этиш, ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан бошқариш, валюта назорати, тезкор-қидирув фаолият, божхона статистикаси ва ахборот технологиялари каби фанларни ўзлаштиришди.

Институтда 11та кафедра, ихтисослашган дарс хоналари, кимё ва криминалистика лабораториялари, амалий машғулот майдончалари, шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси, тренажёр заллари, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти ва бошқа зарур иншоотлар тингловчилар ихтиёрида. Улар орасида - техник воситаларни қўллаган ҳолда божхона назоратини ташкил этиш ҳамда контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши кураш йўналишидаги синфлар, “Товарларнинг кимёвий таркиби асосида таснифлаш ва сертификатлаштириш” илмий лабораторияси фан-техниканинг энг замонавий ютуқлари билан жиҳозланган.

Шу билан бирга, тингловчиларга божхона органлари фаолиятига жорий этилган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимлари (ЯААТ), Бутунжаҳон божхона ташкилоти томонидан қабул қилинган “Халқаро савдони eнгиллаштиришнинг хавфсизлик стандартлари”, хавфни баҳолаш ва бошқариш тизими, радиацион портал мониторлардан фойдаланиш ва бошқа бир қатор долзарб йўналишлар бўйича қўшимча махсус курслар ўтказилди.

Институтда олинган назарий билимларни бевосита божхона амалиёти билан узвий боғлаш, бўлажак божхона ходимларида танлаган мутахассисликлари бўйича дастлабки кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида, уларнинг ДБҚ марказий аппарати, ҳудудий божхона бошқармаларининг бўлимларида, божхона комплекслари ва постларида амалиёт ўташлари ташкиллаштирилди.