Олмалиқ кон-металлургия комбинати 2015-2016 йилларда комбинатнинг асосий хомашё базасини ташкил қилувчи “Қалмакир” конини ривожлантиришга 101 млн доллар инвестиция киритади.

Комбинат лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишни ниҳоясига етказди ва 2015 йилнинг иккинчи ярмидан мис олишнинг энг самарали технологияси сифатида ғуж ҳолда ишқор билан ювиш жараёнини татбиқ қилиш бўйича ишларни бошлайди.

Лойиҳа мис ишлаб чиқаришни қисқа муддатли истиқболда 3-4 фоизга ошириш имконини беради. Лойиҳани молиялаштириш Ўзбекистон реконструкция ва ривожланиш фондининг 41,3 млн долларлик, Ўзбекистон банкларининг 40,3 млн долларлик кредитлари ва комбинатнинг 19,4 млн долларлик ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

“Қалмакир” конини ўзлаштириш ишлари 1954 йилдан бери олиб борилади. Бугунги кунда коннинг лойиҳавий қуввати йилига 31,5 млн тонна рудани ташкил қилади. Коннинг геологик захиралари 2007 йилнинг 1 январига 6,15 млн тонна мис, 94 минг тонна молибденни ташкил қилган эди. 2012 йилда комбинат конни кенгайтириш бўйича 122,2 млн долларлик лойиҳани ўз ниҳоясига етказган эди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ўзбекистонда мис ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади. Комбинат тоза мис, металл рух, қўрғошин концентрати ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Комбинатнинг ҳисобига Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган жами кумушнинг 90 фоизи, жами олтиннинг 20 фоизи тўғри келади.