АҚШнинг Тинчлик жамғармаси (Fund for Peace, FFP) нодавлат ташкилоти Foreign Policy журнали билан ҳамкорликда Fragile States Index 2015 рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтинг давлатлардаги беқарорлик даражасини ўлчашга қаратилган. Рўйхатдан 178 мамлакат ўрин олган.

Давлатлар беқарорлик даражасига кўра бир неча гуруҳга бўлинган: дастлабки гуруҳ “Жуда юқори таҳдид” деб аталиб, унга Жанубий Судан, Сомали, Марказий Африка Республикаси, Судан киритилди.

Кейинги гуруҳ “Юқори таҳдид” бўлиб, ундан ҳам асосан Африка давлатлари, шунингдек, Ироқ ва Покистон ўрин олди.

“Таҳдид”, “Юқори огоҳлик”, “Огоҳлик”, “Қуйи огоҳлик”, “Паст барқарорлик”, “Барқарорлик”, “Юқори барқарорлик” гуруҳлари рейтингдан ўрин олган асосий давлатларни қамраб олади.

Ўзбекистон ушбу рейтингда 51-ўринни олиб, “Юқори огоҳлик” гуруҳига киритилди. Минтақа бўйича қўшнилар – Афғонистон 8-ўринда (“Юқори таҳдид” гуруҳи), Қозоғистон 110-ўринда (“Қуйи огоҳлик” гуруҳи), Қирғизистон 62-ўринда (“Юқори таҳдид” гуруҳи), Туркманистон 78-ўринда (“Огоҳлик” гуруҳи), Тожикистон 57-ўринда (“Юқори таҳдид” гуруҳи). Россия 65-ўрин билан Ўзбекистон кирган гуруҳни якунлаб беради.
Украина 84-ўринга муносиб кўрилди. Шунингдек, Хитой 83-ўринда (“Огоҳлик”), АҚШ эса 158-ўринда (“Юқори барқарорлик”).

Энг барқарор давлатлар ўрин олган иккита гуруҳ рейтингни якунлаб беради. “Мустаҳкам” гуруҳига Португалия, Германия, Нидерландия, Австрия, Канада, Ирландия, Австралия, Исландия, Янги Зеландия, Швейцария, Люксембург, Дания, Норвегия Швеция кирди (164-177-ўринлар). Охирги 178-ўринда Финляндия турибди, унинг ўзига “Жуда мустаҳкам” номли алоҳида гуруҳ ажратилган.

Рейтинг тузишда 12та критерийдан фойдаланилиб таҳлил ўтказилган. Улар, ўз навбатида, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий омиллар гуруҳларига бирлаштирилган.