Ўзбекистонда 17 июндан “Intellect2All” Республика ИТ-лойиҳалари танловининг саралаш босқичлари бошланди.

4 июлгача Тошкент, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида танловнинг саралаш босқичлари ва мастер-класслар ўтказилади.

Танловда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этади. Танлов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ёшлар ташаббуслари маркази томонидан ташкил этилган.

Лойиҳалар танлови уч йўналиш: “Веб-дастур”, “Мобиль ишланмалар” ва “Виртуал реаллик учун дастурий ишланмалар (Oculus Rift ва Google Cardboard виртуал реаллик қурилмалари учун)” бўйича бўлиб ўтади.

Танловнинг саралаш қисми икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич “Замонавий ахборот технологияларига кириш” ўқув тренинги ҳисобланади. Бу босқичда иштирокчилар умумий қизиқишлар ва ижодий ғоялар бўйича 5 кишидан бўлиб жамоаларга бўлинадилар ҳамда биргаликда жамоа лойиҳаси концепциясини аниқлаштириб оладилар.

Иккинчи босқичда бевосита лойиҳа устида иш олиб борилади. Бу босқичда иштирокчилар икки кун давомида тренерлар билан биргаликда лойиҳани тайёрлаш билан шуғулланишади ва иккинчи кун якунлангандан кейин ҳар бир жамоа ўзининг натижалари – лойиҳа прототипини тақдим қилади. Тақдимотлар якунларига кўра энг яхши жамоалар финал босқичга йўл оладилар.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидан иштирок этишга ариза берган танлов иштирокчилари ўзларига яқин бўлган саралаш босқичи олиб борилаётган шаҳарлардан бирига ташриф буюриб, танловда қатнашишлари мумкин бўлади.

Танлов финалида энг яхши ахборот технологиялари ишланмалари жамоалари нафақат танловнинг бош совғаси – лойиҳанинг бирламчи амалга оширилиши учун пул мукофоти билан тақдирланадилар, балки ахборот технологиялари соҳасидаги охирги ютуқларга бағишланган бир қатор мастер-класслар ва тақдимотларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.