«Умра-2015» мавсумини намунали ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 август кунидаги ПФ-3793 сон Фармони асосида тузилган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита сайти хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 6 июлидан 11 июль кунига қадар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерларида ўзбекистонлик зиёратчиларни Рамазон ойидаги умра сафарига юбориш режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонасига виза расмийлаштириш учун тайёрланмоқда.

Рамазон мавсумида жами 670 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкент–Жидда–Тошкент йўналиши бўйича 3та чартер авиарейсида зиёратга боради.

Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 2 нафар ишчи гуруҳи, 13 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 3 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларга сафардан олдин давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, «Умра» қўлланмаси ва видеойўриқномалар тақдим этилди.

Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида «Масжиди набавий»дан 150 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли «Фейруз ал-Хайр» меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса «Харам масжиди»дан 1500-2000 метр узоқликда жойлашган «Совфат ал-Мияъд» меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча ва 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл олади.

«Меҳмонхонада зиёратчиларимиз саҳарлик ва ифторлик қилишлари учун ошхона, соғлиқларини доимий равишда назорат қилиб туриш мақсадида тиббиёт пункти ташкил этилган. Ҳар бир хонада телевизор, музлатгич, кондиционер ва бошқа зарур анжомлар билан таъминланган. Зиёратчиларимиз сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган.

Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-869 сон Қарори асосида Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган «Ҳаж» ва «Умра» масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилади», — дейилади Дин ишлари бўйича қўмита сайтидаги хабарда.