Жорий йилнинг охирида Сейм спикери ўринбосари Эжи Виндерлих бошчилигида Польша парламенти делгацияси Ўзбекистонга ташриф буюради. Ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва Сенатида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири ташриф олдидан Польша парламенти депутати Яцек Черняк билан суҳбатлашди

“Жорий йилнинг охирида Ўзбекистонга уюштирилажак ташрифга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Тошкентда ўтказиладиган учрашувлар очиқ, дўстона ва ўзаро хайриҳоҳлик руҳида ўтишига умид қиламан. 

“Суҳбат чоғида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтиш ниятидамиз. Шунингдек, ўзбек-поляк парламентлараро гуруҳини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.

Ташриф чоғида орттириладиган тажриба икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишида улкан самара беради деб ўйлайман. 

Ўзбекистонда меҳмондўст ва самимий халқ истиқомат қилади. Мамлакатингизнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда мазали миллий таомлари ҳеч бир меҳмонни беэътибор қолдирмайди. Шу сабабли Ўзбекистонга уюштириладиган ташрифимиз самарали бўлиш билан бирга унутилмас илиқ таассуротлар қолдиришига аминман. 

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига фаровонлик ва муваффаққиятлар тилаб қоламан”, дейди Яцек.