Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Каспий денгизидаги фавқулодда вазиятларни огоҳлантириш ва бартараф қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги келишувни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизматига таянган ҳолда Новости Казахстан агентлиги ахборот берди.

Келишув денгиз ҳудудидаги фавқулодда вазиятларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олишни назарда тутади.

Бунда ҳамкорликнинг бир неча шакли назарда тутилади. Жумладан, ҳалокатлардан огоҳлантириш тизимини яратиш, фавқулодда вазиятларни башорат қилиш ва уларга тайёргарлик кўриш борасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, хавфлардан огоҳлантириш, керакли чораларни кўриш имконини берувчи механизмларни яратиш ва ҳоказо.

Фавқулодда вазиятлар юзага келган пайтда ёзма сўровнома асосида чора-тадбирлар кўрилиши белгилаб берилган.