26 июнда Қозонда рўзадорлар учун Россиядаги энг катта ифторлик дастурхони ёзиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар бермоқда. Ифторликда 5 мингга яқин рўзадор иштирок этиши кутилмоқда.

Рамазон ойига бағишланган ушбу III Республика ифторлиги “Казань Арена” ўйингоҳи ҳудудида ўтказилади. Ифторлик ташкилотчиларининг айтишича, Россиянинг ҳеч қайси бир вилоятида бундай катта миқёсдаги ифторлик мавжуд эмас. Ушбу тадбирда татар муножотлари ижро этилади, ифторлик қабул қилинади ва жамоа бўлиб шом намози адо этилади.

Ўтган йили Рамазон ойида ушбу ўйингоҳдаги ифторликда 3 минг киши иштирок этган эди.

Аввалроқ БААда Рамазон ойида 2 млн та порция бепул таом тарқатилиши режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Ушбу хайрия лойиҳаси билан БАА президенти шайх Халифа ибн Зоҳид ал Наҳайаннинг хайрия фонди шуғулланмоқда.