КХДР ҳудудида интернет тармоғининг ишлашида жиддий муаммолар ва узилишлар кузатилмоқда. ТАСС агентлигининг маълум қилишича, дастлабки муаммолар икки ҳафта муқаддам аниқланган, лекин улар ҳанузгача бартараф қилинмаган.

Жумладан, гувоҳлик берилишича, Хитой Синьхуа агентлигининг сайтига киришга ҳаракат қилинганида “Огоҳлантириш! Қора рўйхатга киритилган!” ёзуви чиқмоқда. Мутахассислар кўплаб сайтлар марказий ҳокимият томонидан блок қилинганини тахмин қилмоқда. Шунингдек, Yandex ва Google қидирув тизимлари, Facebook ижтимоий тармоғи ва Twitter микроблогининг ишлаши секинлашмоқда.

Чет элликлар телефонлари орқали интернетга чиқа олмаяпти. Ушбу хизматларни мамлакатдаги ягона 3G оператори бўлган Koryolink провайдери кўрсатади.