Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси билан ҳамда “Uzbekistаn Today” ахборот агентлиги ҳамкорлигида 2014-2015 ўқув йиллари давомида “Ўзинг ҳақингда ҳикоя қил ва сен ҳақингда бутун дунё билади” номи остида ўтказилган танлов ўз якунига етиб, ғолиблар аниқланди.

Шу каби танловларни ҳар йили талабалар орасида ўтказиш анъанага айланган бўлиб, унда турли номинациялар эълон қилинади. Бу йил ўтказилган танловда “Энг яхши бизнес ғоя”, “Энг яхши инновацион ғоя” номинациялари эълон қилинди ва унда мингга яқин ёшлар ўз лойиҳалари билан иштирок этдилар. Ғолибликни эса “Энг яхши бизнес ғоя” номинацияси бўйича Тошкент ахборот технологиялари университети “АКТ соҳасида иктисод ва менежмент” факультетининг 3-курс талабаси Шухрат Агзамовнинг “www.som.uz - Миллий интернет гипермаркети” лойиҳаси  қўлга киритди. Ушбу лойихада муаллиф интернет манзилида виртуал дўкон очиш ғоясини тақдим этган. Ушбу виртуал дўкон лойиҳасини амалга оширилиши натижасида махаллий махсулотларимизни бутун дунёга танитиш ва таклиф этиш имконияти туғилади. “Энг яхши инновацион ғоя” номинацияси бўйича эса Шарқшунослик институти талабаси Хуршид Ботиров ғолиб деб топилди. Унинг лойиҳаси кўча чангютгичлари ишланмаларини Ўзбекистон ҳудудларида қўлланилишини таклиф этади. Ушбу лойиҳа кўчаларни ободонлаштириш бўйича меҳнат қилувчи ҳодимларнинг ишини енгиллаштиришга, давлатимиз бюджетини тежашга, аҳолига қўшимча ишчи жойлари яратишга, ва ниҳоят мамлакатимиз экологиясини яхшилашга қаратилган.

“Uzbekistan Today” ахборот агентлиги ҳамкорлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2015 йил 19 июнь куни юқорида кўрсатилган танлов якунига бағишлаб видеоконференц-алоқа уюштирилди. Унда барча олий таълим муассасаларининг илм-фан, техникага бефарқ бўлмаган ҳодимлари ва талабалари қатнашдилар.

Ушбу видеоконференцияда танлов ғолиблари, талабалар: Ш.Агзамов ва Х.Ботировлар ўз лойиҳаларини намойиш этиб, видеоконференция иштирокчилари саволларига жавоб бердилар. Ҳар икки тақдимот қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Бу эса ёшларимиз, юртимиз янада ривожланишига, замон билан хамнафас яшашига бефарқ эмасликларини ва бунда ўз ҳиссаларини қўшишга интилаётганликларидан далолат беради.