“Ҳуқуқ” газетасида танишлари устидан ИИБга шикоят қилиб, туҳмат ва ёлғон маълумот туфайли ўзи қамалиб кетган навбатдаги шахс ҳақида материал эълон қилинди.
Зафар Комилов таниши Анвар Акрамовдан 10 минг доллар қарздор бўлиб қолган эди. Ўз навбатида, Акрамов бошқа таниши Фаттоҳ Эгамовдан 5 минг доллар қарз эди. Учовлон узоқ баҳслардан сўнг Комилов Акрамовга бериши керак бўлган пулининг 5 минг долларини Эгамовга беришига келишиб олишди. Комилов кейинроқ Эгамовга 2 минг доллар келтириб берди, қолган қарзини эса узмади.

2015 йилнинг 31 январь куни Комилов Яшнобод туманидаги ошхоналардан бирида ўтирганида Фаттоҳ Эгамов бошқа бир таниши Рамз Қултоев билан шу ерда тамадди қилаётганини кўриб қолди. У ердан учовлон чиқиб, Комиловнинг машинасида гаплашмоқчи бўлишди. Лекин Комилов қочиб кетди.

Шу воқеалардан сўнг Комилов ИИБга мурожаат қилиб, икки дўст ундан 65 млн сўм пулни зўрлик йўли билан олиб қўйганини айтди. Ариза асосида олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Қултоев ва Эгамов бу жиноятни қилмагани, Комиловнинг эса ёлғон маълумот бергани аниқланди. Бунинг натижасида унинг ўзи жавобгарликка тортилди.